"Avesta"
Oʻtmishsiz kelajak boʻlmaydi... There is no future without the past ... Без прошлого нет будущего ...
"Avesta"
"Avesta"

Spanta

Oʻtmishsiz kelajak boʻlmaydi
"Avesta"

Кавказ халқларининг фахри ҳисобланган Шомил таваллудига икки юз тўлди. Шу муносабат билан имом таваллуд топган, у фаолият кўрсатган ўлкаларда тантаналар бўлиб ўтмоқда

Имом Шомил (1797-1871)
Хуррият газетасининг 1997-йил, 10-декабр 50-сонида чоп этилган мақола

Пётр I даврида бошланган, Қора денгизга чиқиш учун “дарча” вазифасини ўтовчи Кавказни забт этиш Россияга осон кечмади. Лекин, чавандозлик, қиличбозикка усмонийлар империяси-ю, Миср мамлакатлари тугул, Европа давлатларида ҳам машҳур бўлган довюрак Кавказ фидойилари замбараклардан отилувчи “оловли шар”ларга қарши ожиз эдилар.

Жангда қатнашган оловқалб мардлар, хуркиб кетган отлар тагида қолиб шахид кетдилар. Бир неча йиллик тушкунликдан сўнг халқ яна бош кўтарди. Бу ҳаракатни Ғози Мухаммад, Ғамзатбек, улар ҳалокатидан сўнг Шомил бошқара бошлади. Мунтазам қўшин илк бор Ғамзабек томонидан тузила бошланган бўлиб, унинг асосини чор армияси қўшини қочқинлари – поляк ҳарбийлари ташкил этар эди. Имомат таркибига ҳозирги Чеченистон ва Доғистон ҳудудлари кирар эди. Шомил бошқарган ушбу миллий озодлик ҳаракати совет давридаги махсус адабиётларда муридлик ҳаракатлари (русча – мюридизм) деб таърифланган.

Маълумки муридлик – исломий тушунча бўлиб, Аллоҳга – ҳақиқатга етишиш йўлидир. Мурид ўз устози – муршид раҳбарлигида олдин тариқат йўлига киради. Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Баҳовуддин Нақшбанд каби устозлар барча босқич синовлардан ўтиб, ўзига хос тариқат мактаби яратган. Улар таълимотидан Шомил жуда яхши хабардор бўлган. Уларни ўзининг устози деб билган.Тарихий манбаларда кўрсатилишича, Шомил доимо қирқ муриди ҳамроҳлигида юрган. Шаҳид кетганлар ўрнини етук жангчилар эгаллаган. Шомил имоматидаги тариқат устози бўлган Жамолиддин Ҳусайнининг ҳаётий фалсафаси қуйидагилардан иборат эди: жасур – жангда, ишончли – қарз беришда ва қайтаришда, болалар – оғир кунларда, дўст – кулфатда синалади. Ушбу мушиднинг муриди бўлган Шомил шамширига ёзилган “Дўстга нисбатан ипакдек мулойим, душманга эса шамширдек кескир бўл” деган шиорга амал қилиниши имом ҳаёт йўлини белгилаб берган.Булар ҳам ижтимоий, ҳам диний нуқтаи назардан олиб қаралганда, замон талабларига жавоб берувчи ҳикматлар эди.

Ўз ғоясини, курашини тўнғич фарзанди давом эттиришини орзу қилган имом унга етишолмади. Масков (Москва) асирлигидан 16 йилдан сўнг қайтган тўнғич фарзанд отаси ғоялари ғалабасига шубҳа билдирди. Подшонинг Туркия урушидан ғалаба билан қайтган қудратли қўшинига қарши туриш довулга қарши бош кўтарган хас билан баробар, деди. Бу Шомилнинг тўнғич фарзандига нисбатан ишончига дарз солди. Лекин ўз ғоясига содиқ Шомил эндиликда хал қилувчи жангга хозирланди. Кучлар нисбати рус қўшинлари томонида бўлса-да, бу имом қўшинлари руҳини сўндиролмади. Балки Кавказ халқи қонида бўлган қасоскорлик ўтини алангалатиб юборди.

“Қонга-қон, жонга – жон” дейилган бу жангда Шомил тарафдорлари  енгилди. Чор армияси қўшинлари томонидан қуршалган Шомил марҳум тўнғич фарзанди ўрнини олган кенжа фарзандига сўнгги топшириқ беради. Отаси ўз жонига қасд қилгандан сўнг, қолган оила аъзоларининг душманга тириклайин асир тушмаслиги учун тагига порох жамланган уйини ёқиб юбориши керак. Фарзанд ота билан бирга ажал шаробини ичишни афзал кўришини, у билан бирга тубсиз жарликка сакрашга тайёр эканлини айтади. Шомил бомдод намозидан сўнг қатъий қарорга келишни билдиради. Тунда ўз чодирида танҳо ётган Шомил кўз ўнгида тўнғич фарзанди руҳан намоён бўлади. У ортиқча қон тўкмаслиги учун ундан оқ подшога таслим бўлишни, шамширидаги ёзувдагидек ўз яқинларига нисбатан ипакдек мулойим бўлишни ўтиниб сўрайди.

Эрталаб, отасининг тундаги кечинмаларидан бехабар кенжа фарзанд, унинг яшил байроқ ўрнига оқ байроқ қўтаришга аҳд қилганлигини эшитиб ҳайратда қолади…

Шомил билан асирлик уқубатларини тортиш учун унинг оиласига тўрт юз нафар сафдошлари эргашадилар. Тўрт йиллик Россия сургунларидан совуққа чидай олмасдан, яқинлари вафот этишади. Шундан сўнг Шомил подшога хат ёзиб, ўзининг сўнгги илтимосини – ҳаж сафарига рухсат беришини сўрайди. Оқ подшога бош кўтармасликка “Қуръон” олиб, қасамёд қилган Шомил ҳаж йўлини Туркия орқали бошлайди. Султон саройида бир неча кун қўноқ бўлган Шомил Абдул Азиз Султоннинг Мисрга қарши ҳарбий юришга тайёргарлик қилаётганини эшитиб қолади. У билан суҳбатда бўлади. Шомил ундан ҳар хил шов-шувларга эътибор бермаслигини, муаммоларни ҳал этишда давлат раҳбарига хос хотиржам фикрлаш билангина мақсадга етишиш мумкинлигини айтади. Султон уни дўст деб билса, ушбу муаммони тинч йўл билан ҳал этиш учун унга элчилик ваколатини беришни сўрайди. Султон розилигидан сўнг Мисрга борган Шомилни оддий халқдан тортиб, подшогача шоду ҳуррамлик билан кутиб олишади.

Исмоил подшо Шомилнинг иззатини янада улуғлаб, унга ишонганидан яккаю-ягона ўғлини тинчлик гарови сифатида Туркияга биргаликда қўшиб жўнатади. Миср халқининг хурсандчилиги Туркия халқига ҳам ўтади. Бу ҳурсандчилик Туркия султони қизи билан Миср шоҳи ўғли орасида тўғилган севги ва шу туфайли бўлиб ўтган тўй билан якунланди. Икки халқни ўзаро қирғиндан асраб қолган Шомил ҳажга йўл олади. Асрлар оша етиб келган ҳаж маросимларининг сўнгги кунларида Шомил Аллоҳга мурожаат қилиб айтадики: “- Олампаноҳим, менинг ҳаёт йўлим, курашим, эътиқодим сенинг динингга ғов бўлмаса, Сен ва Пайғамбаринг мақбул топсанглар, унда мени ўз муқаддас тупроғинг ва авлиёлар авлиёси ҳақлари билан ёндош бўлишга ижозат эт. Жоним ушбу эҳром олдида чиқсин, чунки мен ўз йўлимнинг шу ерда тугаганини ҳис қилиб турибман…”

Не ажабки, бир неча одам оғирлигини писанд қилмайдиган туя кажаваси, Шомил ёлғиз ўзи кўтарилиши билан, шамшир билан кесилгандек шарт узилди. Имом туядан йиқилиши биланоқ, осонгина жон таслим қилди…

Мадина шахридаги Пайғамбаримиз масжидлари ёнидаги Жаннат ал-Боқий қабристони – бутун олам мусулмонларининг яна бир улуғ зиёратгоҳидир. Бу ерда Пайғамбаримиз яқин қариндошлари ва 10.000 сафдошлари, издошлари дафн қилинган. Улар орасида улуғ Имом Шомил ҳам ором топган.

Жаннат ал-Боқий қабристонининг бугунги кундаги кўриниши

Мана, халқларни озод, ҳур кўрмоқчи ва бу йўлда бор куч-ғайратини, ҳаётини аямаган инсоннинг қисқача тақдири тарихи. Бу тарих ўз вақтида унутилаёзган эди. Лекин вақт – ҳам табиб, ҳам қози. Эзгулик, мардлик унутилмайди. У бир кун албатта ўз баҳосини олади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *