
Ҳажру ёлғизлик майи аччиқ бўлар,
Яккалик дардини ким торта билар?
Икки дўст бир жону ҳам бир тан бўлар,
Эту тирноқла фалак душман бўлар.
Амир Ҳусрав Деҳлавий
Устозларим – академик Эркин Юсупов ва профессор Озод Отамирзаевларга бағишлайман
Кавказ халқларига мансуб адигейларда бир одат бор. Она ўз қизини узатгандан сўнг куёвига умуман кўринмасликка ҳаракат қилади, халқ таъбири билан айтганда, ундан “қочиб” юради. Шу сабаблими, адигейларда бошқа миллатларга нисбатан ажралиш кам.
Статистик маълумотларга қараганда, агар ёш оила беш йил мобайнида мустаҳкам турса, кейин камдан-кам ҳолатлардагина ажралиш содир бўлар экан. Руҳиятшуносларнинг фикрича, шу вақт ичида ёшлар бир-бировини ҳар томонлама синовдан ўтказади ва ўрганади. Бу даврда оиладаги эркакнинг ҳам, аёлнинг ҳам барча қобилиятлари намоён бўлади. Шунда уларга “ўз аравасини тортиши” учун кенг йўл очмоқ керак. Аслида барбод бўлган ёш оилаларнинг аксариятида куёвлик либослари ечилиши билан уй-рўзғор ташвишлари билан бошига тушган йигитнинг “маслаҳатгўй”лари кўпаяди. Келин томондагилар ҳам бундан қолишмайди.
Биз бу билан ўзбек миллий қадриятларидан саналган – ёш оилаларга катталарнинг маслаҳатгўй бўлиш ўрнини инкор этмоқчи эмасмиз. Лекин, ҳар нарсанинг ўз ҳад-чегараси борки, ундан ошириш ўзаро ихтилофларга, охир-оқибатда ҳатто ажралишга олиб келади.
1990-йил маълумотлари бўйича республикадаги ажралишларни яхлит таҳлил қиладиган бўлсак, 20-29 ёшдаги эркаклар 44, шу ёшдаги аёллар 52, 5 фоизни ташкил этган. 1994-йилда эса бу кўрсаткич эркакларда 47,4, аёлларда эса 54,5 фоиздан иборат бўлган. Хўш, никоҳдан ажраганлар сонининг йил сайин ортиб бораётганини нима билан изоҳлаш мумкин?
Оила икки устундан иборат: биринчиси, иқтисод, иккинчиси маънавият. Оилани шу икки устундан бирисиз тасаввур этиб бўлмайди. Лекин, иқтисодда имкониятдан, маънавиятда шароитдан келиб чиқмоқ керак. Шунда оила мустаҳкам қўрғонга айланади.
“Энг дўзахи аёл – эри имконияти даражасидан ортиқ талаб этувчи аёллар”, − деб уқтирилади муборак ҳадисларда.
Оила тутишда маънавиятнинг шароит тақозо этган томонлари борки, бу ҳақда алломаларимиз эслатиб ўтишган. Беруний оила қураётган қизларга ота-онанинг панд-насиҳатларини келтириб, оиладаги тинчлик-тотувлик кўпроқ аёллар зиммасига тушишини таъкидлаб шундай ёзади: “Эй қизим! Сен ўрганган уйингдан кетиб, нотаниш хонадонга тушмоқдасан. Сен бўлажак куёвингнинг ҳамма хислатларини билмайсан. Сен ер бўл, у эса осмон бўлади. Демак, сен у билан шундай йўл тутки, унинг олдида ер каби камтар бўлсанг, у осмон каби олижаноб бўлади. Осмон шифобахш ёмғири билан ерни кўкартиргани каби у ҳам ўз меҳру-шавқати ила сени хушнуд этади. Яна сен унга канизак бўлсанг, у сенга хизматчи бўлади”.
Дарвоқе, оилаларни мустаҳкамлаш, ажралишларни сўнгги имкониятларига қадар камайтириб, ҳақ йўлига солиш ҳар биримизга боғлиқ. Зеро, жамият равнақи, давлат тараққиёти оиладан бошланади.
Раҳмон Мадғойибов
ТошДУ қошидаги “Ўзбек миллий қадриятлари”
илмий тадқиқот маркази ходими
Яхши.